Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазир ўринбосари Содиқжон Турдиев иштирокида Ҳазорасп туманида ўтказилган йиғилиш ҳам шу мавзуда бўлди.

Тадбир давомида “Обод хонадон”, “Обод кўча”, “Обод маҳалла” тамойилларини барча маҳаллаларда қарор топтириш мақсадида июнь-август ойларида аҳоли орасида тарғибот ва амалий чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилган Ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилганлиги ва бу 6 та йўналиш, 44 та банддан иборат бўлиб, унинг ижросини таъминлаш мақсадида аввало, карантин қоидаларига қатъий риоя этиш, ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган қатор тадбирларга туманларда ташкил этилган Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари аъзолари, ижтимоий фаол кекса авлод вакилларини ҳам кенг жалб этиш лозимлигини таъкидлади. 

 Йиғилишда сўзга чиққан маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлими бошлиғи М.Эшжанов туман ҳокими Ў.Машарипов раҳбарлигида туманимиз маҳаллаларида аллақачон “Обод хонадон”,  “Обод кўча”, “Обод маҳалла” бўйича ишлар бошлаб юборилганлигини ва “Жонажон юртим ободлигига ўз ҳиссамни қўшаман” шиори остида тумандаги 44 маҳалладаги хонадон ва кўчаларни обод ҳамда кўркам қилиш бўйича 2020 йил июнь-август ойларига мўлжалланган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилганлигини айтиб ўтди.

Дарҳақиқат, Ҳазорасп туманида бугунги кунда барча маҳаллалар обод гўшаларга, кўркам масканларга айланмоқда ва маҳаллаларда намунавий хонадон ва кўчалар сони ортиб бормоқда. Натижада эса  одамларимизнинг ўз ҳаётига бўлган ишончи юксалиб, яшашга, келажакка бўлган интилиши  кучаймоқда. Негаки, ободлик бор жойда, файзу барака, ривожланиш бўлади.

Йиғилишни туман ҳокими Ў.Машарипов олиб борди.

Йиғилишда  вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг кексалар ва нуронийлар бўйича ўринбосари М.Жуманиёзов, сектор раҳбарлари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари қатнашди.